Аҳолини рўйхатга олишда шахсга доир маълумотларни йиғиш
Мамалакатимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳоли тўғрисида тўла ва ишончли маълумотга эга бўлиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2020-йил 16-мартдаги “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги ЎРҚ- 611-сонли қонуни қабул қилинди.
Қонуннинг асосий мақсади аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Қонун 5 боб 31 моддадан иборат бўлиб, Қонуннинг 23-моддаси бевосита Шахсга доир маълумотларни йиғиш тартибини белгилайди.
Шахсга доир маълумотларни йиғиш респондентлар яшайдиган (турадиган) турар жойларни ва бошқа хоналарни айланиб чиқиш чоғида ёхуд маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ушбу мақсадлар учун бериладиган хоналарда респондентлар сўровини ўтказиш ҳамда рўйхатга олиш варақларини тўлдириш орқали амалга оширилади.
Шахсга доир маълумотларни йиғиш ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.
Респондентлар сўрови давлат тилида ўтказилади. Давлат тилини билмайдиган респондентлар она тилида ёки эркин равишда танланган мулоқот тилида сўровдан ўтказилиши мумкин.
Рўйхатга олиш варақлари рўйхатга олувчи ходимлар томонидан респондентларнинг сўзлари асосида тўлдирилади.
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш муддати ичида яшаш (турган) жойида ҳозир бўлмаган ёки вояга етмаган шахслар бўлган респондентлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар улар уй хўжалигининг вояга етган аъзолари томонидан маълум қилинади. Ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар уларнинг васийлари ёхуд ҳомийлари томонидан маълум қилинади.
Респондент рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда рўйхатга олиш варағи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.
Аҳолини рўйхатга олиш дастурида назарда тутилмаган саволлар бўйича шахсга доир маълумотларни йиғиш тақиқланади.
Миробод туман статистика
бўлими бошлиғи К. Жамолов